28 Октябр 2025 йил 172

Сурхондарёда ички ишлар органлари ходимларининг касб байрами ўзгача руҳда нишонланиб, касб эгалари шарафланди

Куни кеча Термиз шаҳри марказида қад ростлаган муҳташам “Санъат саройи” мажмуаси концертлар залида, “Халқимизнинг хавфсизлиги, тинчлиги ва осойишталигини сақлаш энг устувор вазифамиз!” шиори остида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар органлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда 25 октябр – Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди.

Байрам муносабати билан бинонинг олд майдонида махсус техникалар саф тортди, қурол-яроқ ва спорт ютуқлари намойиши ташкил этилди. Саройга кирувчи йўлаклар гуллар ва баннерлар билан байрамона безатилиб, меҳмонлар ҳарбий оркестр садолари остида кутиб олинди.

Тадбирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, вилоят-шаҳар-туман ички ишлар органлари ходимлари, фахрийлари, хизмат бурчини бажаришда ҳалок бўлган фидоий ўғлонларнинг оила аъзолари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Тадбир аввалида вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов сўзга чиқиб, ўз нутқида тинчлик ва осойишталикни таъминловчи Ички ишлар органлари ходимларини касб байрами билан самимий табриклаб, улар жамият хавфсизлигини таъминлашда, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишда устувор вазифаларни муваффақиятли амалга ошириб келаётганлигини алоҳида таъкидлади.

Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи полковник Тимур Исмаилов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг байрам табригини ўқиб эшиттириб, соҳа ходимлари ва фахрийларига, шунингдек, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ўзининг самимий тилакларини йўллади.

Тадбир давомида, тизимдаги самарали меҳнати, фидокорона хизматлари  учун бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимлари, фахрийлар ҳамда оила аъзолари Ички ишлар вазирлиги кўкрак нишонлари, пул мукофотлари, шунингдек, вилоят ҳокимлиги, Мудофаа ва ҳамкор ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, қолаверса вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Тадбирда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаси халқ артисти Маҳмуд Намозов ҳамда вилоят ИИБ ходимлари томонидан, ИИОнинг машаққатли меҳнатини тараннум этувчи қўшиқ, байрам совғаси сифатида ижро этилди. Юқори савияда ташкил этилган байрам дастурида, Ички ишлар вазирлиги Ансанбли санъаткорлари иштирокида юртга хос, касб эгаларини шарафловчи қўшиқлар ижро этилди. Бу ижролар йиғилганларга кўтаринки кайфият бахшида этди.

Ички ишлар органлари ходимлари – жамиятимизнинг тинчлиги ва осойишталигини таъминловчи шарафли касб эгаларидир. Улар ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, жиноятчиликни олдини олиш ва фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоя қилиш йўлида тун-у-кун машаққатли меҳнат қиладилар. Ички ишлар органлари ҳодимларининг жасорати, профессионаллиги ва ватанпарварлиги туфайли жамиятда хавфсизлик мустаҳкамланади, одамларнинг тинч ва осойишта ҳаёт кечириши таъминланади. Бу каби эътибор эса албатта, уларнинг келгусидаги хизмат фаолиятларини янада самарали ташкил этишларида туртки бўлади.

Text to speech