13 Ноябр 2020 йил 4

ИИБга пора эвазига ишга киритиб қўймоқчи бўлган “шоввоз” қўлга олинди

Термиз шаҳар “Боғишамол” маҳалласида яшовчи И.М. исмли аёлнинг ички ишлар идорасига ишга кирмоқчилигидан хабар топган А.И. пул ундириш пайига тушади. У аёлга ички ишлар органига ишга киритишини ваъда қилиб, 5.000.000 сўм миқдорида пулларини олиб, яқинда суҳбат бўлишини айтади. Лекин суҳбатдан ўтиш учун ҳам яна 1.000.000 сўм бериш кераклигини тайинлайди.
Аёл яна иккита таниши шу соҳага ва Миллий гвардияга кирмоқчи бўлиб юрганини айтади. А.И. бунинг учун эса 2000 АҚШ доллари беришини талаб қилади.
Аммо, А.И. аёлнинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб, пулларни олиб, жимиб кетади. Алданганини фаҳмлагач, И.М. вилоят ИИБга ариза билан мурожаат қилади.
ИИВ ЎХБ Сурхондарё вилояти бўйича бўлими, вилоят ИИБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир жараёнида А.И. Термиз шаҳар “Халқ банки” филиали ёнида ўзининг бошқарувида бўлган “Спарк” русумли автомашинасида фуқаро И.М дан талаб қилинган 2000 АҚШ долларидан 1000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олаётган вақтида қўлга олинди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech